Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Хоразм Маъмун Академиясининг 1000 йиллигини нишонлаш тўғрисида» қабул қилган қарори бутун элдошларимиз томонидан илиқ кутиб олинди. Шу асосда алоҳида тадбирлар, режалар белгилаб олинган эди. Уларни амалга ошириш тезкорлик, изчиллик, уюшқоқлик ва энг асосийси юқори сифат, юксак дид билан олиб борилди. Урганч аэропортидан то Хивага келгунча катта магистрал йўл таъмирланди. Хоразм Маъмун Академияси биносининг ичкариси ва ташқариси ҳам дунё андозалари асосида тўла таъмирланди. Янги жиҳозлар, ускуналар, ўқув қўлланмалари, кўргазма- ли воситалар келтирилди. Энг замонавий компьютерлар олимлар, тадқиқотчилар хизматида. Республикадаги ва академиянинг ўзидаги нашриётларда юбилейга бағишланган китоблар, буклетлар, плакатлар чоп этилди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси, Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Урганч Давлат Дорил- фунуни, Урганч қурилиш касб-ҳунар коллежи, Хива педагогик касб- ҳунар коллежи ҳамда ЮНЕСКО халқаро жамияти билан ҳамкорликда қатор илмий анжуманлар ўтказилди. Дунёнинг 20 дан ортиқ кутубхоналари ва музейларида мавжуд Академия ҳаётига оид хужжатлардан нусхалар олинди.
Кенг миқёсда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, бунёд- корлик ишлари олиб борилди. Академия биноси билан ёнма-ён аллома- лар ҳиёбони, амфитеатр барпо этилмоқда. Боғ, гулзорлар яратилди. Фавворалар ўрнатилди. Чиройли панноларда Республикамизнинг мустақиллик йилларидаги ютуқлари, Ўзбекистонимизнинг жаҳонаро нуфузи намоён бўлиб турибди.
Хоразм Маъмун Академияси юбилейи муносабати Хивада «Компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежи» қурилиши жадал олиб борилмоқда.
Қадимий ва ҳамиша навқирон Хива меҳмонларга мунтазир. Ўтмиши шарафли, бугуни саодатли, келажаги абадий шаҳар, миллати- миз фахри, Шарқ гавхари бўлган Хива бағрида яна бир улуғ байрам- Хоразм Маъмун Академиясининг 1000 йиллиги тантаналари шукухи қалбларимизни яйратади, дўстлигимизни мустахкамлайди, меҳнат ғалабаларига, ижодга ундайди.
Истагимиз-бундан буён ҳам Ўзбекистонимиз довруғини ошириш йўлида ҳормай-толмай фаолият кўрсатиш, мустақиллигимизни мустаҳкамлашга, буюк келажагимизни яратиш ишига муносиб ҳисса қўшиш! Бу борада республикамиздаги нуфузли илм ва касб-ҳунар даргоҳларидан бири бўлган бизнинг Урганч қурилиш касб-ҳунар даргоҳимиз ҳам қизғин ва жўшқин фаолиятини изчил давом эттирмоқда. Буюк аждодларимизнинг муносиб ворисларини тайёрлаш учун бутун куч-имконият, тажриба ва билимларимизни ишга соламиз.
Аҳил жамоамиз педагоглари, мутахассислари, талабалари чуқур ҳис қиладилар, яхши биладиларки бизнинг беқиёс воҳамиз, гўзал, табаррук, муқаддас юртимиз азалдан ўзининг бунёдкорлик ишлари намуналари, муҳташам иморатлар, иншоотлар, ноёб меъморчилиги билан жаҳон аҳлини лол қолдириб келмоқда. Бу бежиз эмас албатта. Қурилиш ва меъморчилик ривожланиб, юксак чўққиларга чиқиши, оддий иморат ёки иншоот эмас, балки нафис санъат асарига айланлиги аждодларимиз илм-фан сирларини чуқур билганлигидан далолат беради.
2006 йилда инсоният тарихидаги илк илм маскани – Хоразм Маъмун Академиясининг 1000 йиллиги кенг нишонланади. Ана шундай хайрли ишга ўқув юртимиз жамоаси ўзининг муносиб тухфалари билан ўз ҳиссасини қўшмоқда. Юбилей арафасида нашрдан чиққан «Шаҳар мухити ва уни ташкил этиш» номли рисола бу йўлдаги қадамлардан бири бўлган бўлса, 2006 йил 28 апрель куни коллеж педагогик жамоаси ва Урганч Давлат университети билан ҳамкорликда ўтказилган илмий- амалий анжуман материалларини ўзига жамлаган ушбу тўплам ёшларга, олий ва ўрта махсус таълим юртларида таълим олаётган талабаларга ва илм изловчи ҳар бир кишига Ватанимиз бой тарихини ўрганиш ва келгуси авлодларга етказишда амалий аҳамиятга эга бўлиб қолишига ишонч билдираман.
Таниқли олимлар билан бир қаторда эндигина ҳаётга қадам қўяётган ёш талабаларнинг ёзган илмий мақоласи, ишлаган портретлари ҳам ушбу тўпламга киритилгани уларни келгусида буюк аждодларимиз изидан бориб, илм-фан чўққиларини эгаллашларига ёки мукаммал санъат асарлари ярата оладиган меъморлар, рассомлар бўлиб етишишларига умид уйғотади.
Хоразм Маъмун Академиясининг 1000 йиллиги тантаналари шукуҳи ҳар биримизга катта умид, келажакка ишонч, мустақиллиги- мизни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш туйғуларини уйғотади.
И. С. БАЙДЖАНОВ,
Урганч қурилиш касб-ҳунар Коллежи
директори, меъморчилик фанлари номзоди
Давлетов Санжарбек Ражабович, т. ф. н.
(Урганч Давлат университети)
Хоразм маъмун академияси ташкил топишининг тарихий негизлари
Давлетов Санжарбек Ражабович, т. ф. н. (Урганч давлат университети)
Кўҳна Хоразмнинг бой ўтмиш тарихи минг йилларга бориб тақалади. Бу табаррук замин дунёга Мусо ал-Хоразмий ва Абу Райхон Беруний, Маҳмуд Замаҳшарий ва Нажмиддин Кубро, Паҳлавон Маҳмуд ва Огаҳий сингари буюк зотларни берган. Бундан минг йил аввал шу муқаддас заминда «Дорул ҳикма ва маъриф» ёки «Мажлиси уламо» номи билан машҳур бўлган Шарқнинг қадимий илмий марказини вужудга келганлиги Марказий Осиё халқлари ҳаётида катта воқеа бўлди. Дарҳақиқат, XI аср бошида Хоразмшохлар пойтахти Гурганжда Хоразмшоҳ Али Ибн Маъмун ва Маъмун ибн Маъмуннинг саъй харакати ҳамда қомусий олим Абу Райҳон Берунийнинг бевосита раҳнамолигида «Дорул ҳикма ва маъриф» ташкил қилинган эди. Фаннинг долзарб муаммолари билан шуғулланган бу илм даргоҳи шундан икки аср аввал Боғдодда фаолият кўрсатган «Байтул ҳикма» ҳамда Ўрта Осиё, хусусан Хоразмда шаклланган қадимий илмий-маърифий анъаналарни давом қилдириб, жаҳон илм-фани тараққиётида муносиб ўринни эгаллади. Бу илмий жамоа Хоразмшоҳлар шуҳратини орттириш мақсадини кўзлаган бир гуруҳ олим, адиб, шоирларнинг тасодифий йиғини эмас эди. Бошқача айтганда у қуруқ ерда тасодифан вужудга келмади, аксинча ўзининг мустаҳкам тарихий негизларига эга эди. Маъмун Академияси аввало кўхна Хоразмнинг узоқ ўтмишдаги илм-маърифат илдизлари билан бевосита алоқадор, шунингдек, у илк ўрта аср Уйғониш даври маданий юксалишининг қонуний натижаси бўлди. Зеро кўҳна Хоразмда айниқса, фалакиёт (астрономия), риёзиёт (математика) ва бошқа илмларга бўлган қизиқиш анча эрта вужудга келган.
Кишилик цивилизациясининг қадимий бешикларидан бири бўлган Хоразм Ислом Каримов таъбири билан айтганда, илк ўзбек давлатчилигининг тамал тоши қўйилган муқаддас ўлкалардан биридир. Инсониятнинг маънавий бойлиги бўлган зардуштийлик дини ва муқаддас «Авесто» китоби айнан шу гўзал заминда яратилган, Қадимий Шарқнинг дастлабки комусий асари «Авесто» – аждодларимизнинг инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилган минг йиллик диний- фалсафий, илмий-маърифий қарашларини ўзида мужассам қилган. Бундан уч минг йил аввал шу муқаддас заминда сунъий суғоришга асосланган юксак деҳқончилик маданияти, ноёб ирригация иншоотлари, гўзал шахарлар ва махобатли меъморий қурилишлар бунёд этилганки, негизида ўз ёзувларига эга бўлганлиги уларнинг саводҳон ва маърифатли кишилар бўлганлигини кўрсатади. Ўтган аср ўрталарида Хоразмнинг Тупроқ қалъа, Аёз қалъа, Қўйқирилган қалъа, Хазорасп ва бошқа антик қалъаларида акад, С.П.Толстов, Я.Ғ.Ғуломов, И.Ю.Якубовский ва бошқа қадимшунос олимлар томонидан топилган қадимги ёзув намуналари, рўзғор буюмлари, заргарлик ашёлари, нозик дид билан ишланган хайкаллар, сарой деворларига ясалган рангдор тасвирлар, Қўйқирилган қалъадаги қадимги расадхона ва илк астрономик асбоблар, буларнинг барчаси Хоразмда антик даврда маданий юксалишнинг юксак даражада бўлганлигини кўрсатади.
Берунийнинг гувоҳлик беришича қадимги хоразмликларда деҳқончилик ишлари билан алоқадор ўзларининг тақвим-календар тизими бўлган. Қишлоқ хўжалиги ишларини даврий режалаштириш эхтиёжи Хоразмда математика ва астрономия илмини кучли тараққий этишда муҳим рол ўйнаган.
Қишлоқ хўжалигининг асоси бўлган йирик канал ва суғориш иншоотлари қурилиши, гўзал шаҳар, сарой ва бошқа меъморий қурилишлар ҳам математика, геометрия, топография илмларининг ривож топишини талаб этади.
Ноёб заргарлик буюмлари ва рангдор тасвирий санъат намунала- ри бу ерда кимё ва минерология илмларининг юқори даражада бўлганли- гидан гувоҳлик беради. Хоразмликларнинг хорижий мамлакатлар билан олиб борган савдо ва маданий алоқалари география, картография ва этнография илмларининг эртаданоқ тараққий этишга таъсир кўрсатди. Демак Хоразмда қадимданоқ аник ва гуманитар илмларнинг яратилиши ва ривожланиши учун моддий ва маънавий замин мавжуд бўлган.
Хоразм Маъмун Академиясининг шаклланиши ва тараққий қилишида юқоридаги омиллардан ташқари антик юнон олимларининг асарлари ҳамда IX асрда Боғдоддаги «Байт-ул хикма»да фаолият кўрсатган элдошимиз Мухаммад ал-Хоразмий, Ахмад ал-Фарғоний, Ахмад ал-Марвазий, Аббос ал-Жавхарий каби олимларнинг илмий кашфиётлари ҳам мухим рол ўйнайди.
Дархақиқат, Муҳаммад ал-Хоразмий (783—850) «Байт- ул-ҳикма» нинг етакчи олими, илмий рахбари, фанда янги йўналиш ва мактаб яратган алломаларидан эди. У астрономия, математика, география, тарих ва бошқа фанлар сохасида ўнлаб асарлар мерос қолдирган. Унинг «Ал – жабр вал-муқобола» китоби жаҳонда биринчи бўлиб алгебра фанига асос бўлган асарлардандир. Олим математика фанида ўнлик позицион хисоблаш системасини яратди. Шу асосда у қўшиш, айириш, кўпайти- риш ва бўлиш амалиётининг қулай ва осон йўлларини кашф этиб, Шарқ ва Европани илғор ҳисоблаш тизимига ўргатди. Ал-Хоразмий «Зижи Хоразмий» асари билан фан оламида биринчи астрономик жадвални яратган олимдир. Мазкур илмий марказнинг таниқли олими Ахмад ал-Фарғоний (787—861) нинг астрономия, математика, механика илмлари сохасидаги хизматлари беқиёсдир. У Шарқда биринчи бўлиб астрономик асбоблар ихтирочиси сифатида танилди. Ўзи ихтиро қилган астрономик асбоблар ёрдамида бир мингдан ортиқ юлдузларнинг жойлашуви, харакати хақида қимматли маълумотларни ёзиб қолдирди. Айни вақтда у Шарқда илк бор математик география илмига асос солган олимлардандир.